УҚК бош қўмондони Путиннинг фронтда одамларни йўқотишга тайёрлигини нотўғри баҳолаганини ўзининг асосий хатоси сифатида кўрсатди
Украина Қуролли кучлари (УҚК) Бош қўмондони Валерий Залужний Россия билан урушда Москва кўриши мумкин бўлган қурбонликларни етарлича баҳоламаганини ўзининг асосий хато сифатида тан олди.
“Биз етказган қурбонлар сони ҳар қандай кишини тўхтатади деб ўйлагандим. Лекин Россия Федерациясини эмас”, — деди Залужний 26 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Ўз навбатида, УҚК учун ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи ҳаракатларнинг самарадорлиги устувор бўлиб қолмоқда, – дейди олий қўмондон.
Унинг сўзларига кўра, Украина армияси “ҳар бир қарич ерни” ҳимоя қилади, бироқ “душман снарядлари бу жойни тошлар, тупроқ, жангчиларимиз билан бирга қазишни бошлаганда, биз учун аскарларимиз ҳаёти муҳимроқ”.
УҚК Бош қўмондони аҳоли пунктларининг йўқотилишига «фожиа» сифатида қарамасликка чақиради, чунки «ҳарбий ҳаракатлар ўз қонунларига бўйсунади». Унинг сўзларига кўра, рус армияси шаҳарларни қўлга киритишда худди шундай «методика»дан фойдаланади: улар кўп сонли снарядлар ёрдамида уларни йўқ қилади ва 2-3 ой ичида исталган шаҳарни Бахмутга айлантира олади. Ҳозир бу Авдеевка ва Марьинкада содир бўлмоқда, – дейди Залужний.
Шунга қарамай, 2024 йил УҚК жанубда Россиянинг Қримга олиб борадиган қуруқликдаги кўпригини кесиб ташлаш мақсадида қарши ҳужумга ўта олмаган 2023 йилдан фарқ қилади, – дея ишонтиради Украина бош қўмондони. “Биз муаммолар ва ечимларнинг 90 фоизини топдик. <…> Ҳамкорларимиз фикримизга қўшилди”, — дея қўшимча қилади Залужний.
Ноябрь ойи бошида УҚК Бош қўмондони Украина ва Россия ўртасидаги уруш “боши берк кўчага кириб қолганини” ва ҳар икки томонда ҳам муваффақиятларсиз узоқ йиллар давом этиш хавфи борлигини тан олганди. У, шунингдек, Россия қўшинларининг “жонсизлантириб” уни тўхтатишга умид қилганини, аммо бу «хато» бўлганини таъкидлайди.
«Россия камида 150 минг кишини йўқотди. Бошқа ҳар қандай давлатда бундай йўқотишлар урушни тўхтатган бўларди”, — дейди Залужний. Бироқ, Россияда ҳаёт арзон, Россия президенти Владимир Путин эса Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларига таянмоқда, бу урушларда мамлакат ўн миллионлаб одамларини йўқотганди, дея тушунтиради ҳарбий раҳбар.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши урушдаги йўқотишлари ҳалок бўлган ва яраланган 315 минг нафар ҳарбий хизматчини ташкил қилган. Бу Россия Мудофаа вазирлигининг 2022 йил февраль ойида кенг кўламли уруш бошланишидан олдин бўлган шахсий таркибининг тахминан 87 фоизини ташкил қилади.
Шу билан бирга, Россия катта миқёсда ишчи кучини йўқотишда давом этмоқда. 2023 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Донецк областида Авдеевка – Новопавловка йўналишидаги фаол ҳужуми натижасида Россия армиясининг 13 минг нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган ва яраланган.
Шу билан бирга, Қўшма Штатларнинг маълумотларига кўра, ноябрь ойининг бошига келиб Украинанинг йўқотишлари 190 минг кишига етди. Улардан камида 70 минг киши ҳалок бўлган, 120 мингга яқини жароҳатланган. Умуман олганда эса, Украина армияси тахминан 500 минг кишини ташкил қилади.
Шу фонда Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбийлар унга яна 450-500 минг кишини сафарбар қилишни таклиф қилганини айтади. “Мен бундай рақамларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқмаган бўлардим. Мен фақат бир нарсани тасдиқламоқчиман: рақам шакллантирилмоқда, биз келгуси йилда амалга ошириладиган вазифаларни ҳам ҳисобга оляпмиз”, – дейди бунга жавобан Залужний.
Шарҳлар