Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзбекистонликларнинг онлайн-ҳаракатларини мониторинг қилиш имконига эга бўлади

Фото: politeka

21 июнь куни Шавкат Мирзиёев “Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади, дея хабар беради Norma.

2024 йил 1 августдан Институт рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш, жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқот қилиш ҳамда ўрганилган маълумотлар бўйича хулосалар тайёрлаш, рақамли криминалистика соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни замонавий рақамли криминалистика экспертиза турлари бўйича масофавий ва анъанавий тарзда ўқитиш,  рақамли криминалистика фаолиятини амалга ошириш ҳамда махсус криминалистика лабораториялари ишини самарали ташкил этиш учун шартнома асосида маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари доирасида ҳамда техник восита ва бутловчи эҳтиёт қисм сифатида фойдаланиш учун ИИВда юритиладиган рақамли ахборот ташувчи қурилмалар коллекциясидан фойдаланиш билан шуғулланади.

Институт керакли ускуналар, шу жумладан учувчисиз учадиган аппаратлар (дронлар) билан таъминланади.

Шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлмаган маълумотларни ўз ичига қамраб олувчи «Рақамли далиллар ягона реестри» идоралараро автоматлаштирилган тизими ишга туширилади.

Реестрнинг асосий вазифалари:

  • жиноятларни фош этиш, тергов самарадорлигини ошириш, уюшган жиноий гуруҳларни тезкорлик билан аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан тушаётган жиноий ишлар бўйича материалларни йиғиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва таҳлил қилиш;
  • фотосуратлар, видео, аудио ёзувлар, электрон ҳамёнлар, крипто-активлар манзиллари, IP-манзиллар, Интернет манзиллар (домен), ҳисобга олиш ёзуви (аккаунт), рақамли далилларнинг аниқланган жойи, вақти ва бошқа муҳим белгилари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш;
  • рақамли далиллар базасида давлат сирларига оид бўлмаган ахборотни сақлаш, қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари, ахборот инфратузилмаси ишончлилиги, маълумотлар базаларининг захираларини таъминлаш.

Рақамли далилларни Реестрга киритиш прокуратура, ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Божхона қўмитасининг суриштирувчи ва терговчилари ҳамда давлат суд-экспертиза муассасалари, давлат органларининг экспертиза бўлинмалари экспертлари томонидан амалга оширилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.