Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари учун қийноқларга қарши курашиш курслари ташкил қилинади

Источник: unsplash.com

2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 7 февралдаги инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Бош прокуратура мазкур ўқув курсларини ташкил этиш учун масъул этиб белгиланди.

Ҳужжатда, жумладан, кейинги ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Болалар ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар пайдо бўлиши қайд этилган.

Мазкур ўқув ва махсус курслар жорий этиладиган касб-ҳунар ва олий таълим ташкилотларининг аниқ рўйхати 1 июнга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан белгиланади.

Бундан ташқари, 1 июндан бошлаб Инсон ҳуқуқлари маркази томонидан ҳар йили “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказилади.

1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича ўқув курслари жорий этилади.

Шу йилнинг февраль ойида марказ томонидан Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилади. Унинг дастури бир ҳафта ичида тасдиқланиши керак. Ҳафталик доирасида маҳаллаларда ёшлар ўртасида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.