Ҳуқуқшунослик фанларидан олинаётган тест топшириқларига бўлган эътирозларга муносабат билдирилди

Foto: egoist 24

Ижтимоий тармоқларда 2024-2025 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида ҳуқуқшунослик фанларидан олинаётган тест топшириқларига эътирозлар билдирилмоқда.

Президентнинг “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020-йил 6-ноябрдаги 4884-сон қарорида давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилиниши ва тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилиши белгиланган.

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқшунослик фанларидан ҳам тест топшириқлари амалдаги ДТС ва ўқув дастурлари асосида шакллантирилган бўлиб, олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларида ҳуқуқшунослик фанларидан фойдаланиладиган тест варианти тафсилоти Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий сайтида эълон қилинган.

Шунингдек, абитуриентлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тайёргарлик кўришлари учун ўқишга тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлар рўйхати ҳам агентлик сайтида жойлаштирилган бўлиб, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича тест топшириқлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда шакллантирилиши, қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилганда қонуннинг асл манбайи (Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси – lex.uz. сайти)га мурожаат қилиниши бўйича ҳам маълумотлар эълон қилинган.

2024-2025 ўқув йили қабули тест синовларида фойдаланилган ва абитуриентларнинг эътирозига сабаб бўлаётган тест топшириғида Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш ёки ота-оналар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида сўралган.

«Шу каби тест топшириқларини шакллантиришдан мақсад айнан ҳуқуқшунослик йўналишини танлаш истагида бўлган абитуриентларнинг шу соҳада умумий ўрта таълим мактабида ва академик лицейларда олган билимларини синаш, қолаверса, бу билимларни кундалик ҳаётда дуч келадиган мисоллар орқали қай даражада татбиқ қила олишларини аниқлашдан иборат», – дейилади хабарда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича шакллантириладиган тест топшириқлари бутун ҳужжат асосида эмас, балки ўқув дастурида келтирилган қисмидан тузилади. Шунга кўра ҳуқуқшунослик фанларидан тест топшириқларини шакллантиришда ҳам амалдаги ДТС ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.