Учта вилоят ИИБ бошлиғи йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар учун ишдан бўшатилди
Бугун Шавкат Мирзиёев раислигида «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берилди. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғига қатъий огоҳлантириш берилди, дейилади президент матбуот котибининг хабарида.
Давлат раҳбари 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та аварияда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмганлигини қайд этди.
Ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлари ишдан четлатилиб, уларга уч ой синов муддати берилди.
«Агар улар ушбу муддатда ўзгариш қилмаса, жавобгарликка тортилади», — деди президент.
Шарҳлар