Уй-жой коммунал хизматлари учун кимга компенсация тўланади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2010 йил 30 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, қуйидаги шахслар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори (ҳозирги кунда 372 минг сўм)нинг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади.

Унга кўра;

1. 1941 – 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар.

2. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ёки нафақа олувчилар.

3. Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва “Слава” орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар.

4. Фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари.

5. Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар.

6. Кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.

7. Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар.

8. Ядро полигонлари ва бошқа радиaция-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

«Шунингдек, ёши 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсия ва нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланган», – дейилади хабарда.

Компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга компенсация уни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.