Украина илмий инфратузилмаси жиддий зарарланган

Фото: uza.uz

Сўнгги йилларда Украина илмий инфратузилмаси жиддий зарар кўрган бўлиб, уларни тиклашга 1,26 миллиард доллар керак. Яқинда UNЕSСО айни йўналишда олиб борилган тадқиқот натижасини ҳисобот тарзида эълон қилди.

Ҳужжатда келтирилишича, 2022 йил февраль ойидан буён 1 443 муассаса ва лаборатория, шунингдек 750 илмий асбоб-ускуна шикастланган ёки йўқ қилинган. Бундан ташқари мамлакат илмий ҳамжамиятини молиялаштириш сезиларли даражада қисқарган.

“Вазият тобора кескинлашмоқда, Украинадаги илмий тадқиқот жараёнини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш керак. Олим, муҳандис ва бошқа мутахассислар мамлакатни тиклашда муҳим рол ўйнайди, бу соҳа бутун дунё учун инновациянинг қимматли манбаи эканини айтмаса ҳам бўлади”. – дейди ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле. 

Россия амалиётидан олдин Украина компьютер фани, ядро физикаси ва астрономияга қўшган ҳиссаси билан халқаро миқёсда юқори нуфузга эга бўлган. 2015-2019 йиллар давлат илмий нашрлари сони 45 фоизга ошган. Ўшанда биргина сунъий интеллект ва робот техникаси бўйича мамлакатда 6214 нашр чоп этилган. Энди сўнгги икки йил ичида 177 илмий муассасага тегишли шикастланган ёки вайрон бўлган объектларни тиклаш учун 1,21 миллиард доллардан ортиқ маблағ талаб қилинар экан.

«Икки йил олдин фан тизимида 88 629 тадқиқотчи ишлаган. Шундан бери 524 институт ва университет мутахассис, профессорларининг 12 фоизи бошқа мамлакатларга кўчиб кетишга мажбур бўлган. Муҳожирликда юрган  украиналик олимларнинг кўпчилиги Германия ва Польшадан бошпана топган. Натижада Украина давлат тадқиқот секторида ишлайдиган олимлар сони 4 958 киши ёки 5,3 фоизга камайган», – дейилади хабарда.

UNЕSСО Статистика институти маълумотига кўра, ишланмаларга сарфланган маблағ 2021-2022 йилларда 38,5 фоиз, жумладан 450 илмий институтни бирлаштирган Украина Миллий фанлар академияси бюджети 48 фоиз қисқарган. Соҳада ўртача маош 39 фоиз камайиши кўплаб мутахассисларни ярим кунлик ишга ўтишга мажбур қилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.