Украина элчихонаси маданият ва туризм вазирининг ўринбосари берган интервьюга муносабат билдирди
Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедовнинг россиялик хонанда Григорий Лепснинг октябрь ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган концерти ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
Эслатиб ўтамиз, Григорий Лепс Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлайди, 3 июль куни у жанговар зонада Украинанинг Leopard танкини йўқ қилган россиялик аскарга 1 миллион рубль тўлаганини айтганди. Ўзбекистонда бир гуруҳ фаоллар Григорий Лепснинг Тошкентдаги чиқишини бекор қилишни талаб қилмоқда.
Бу ҳақда Kun.uz сайти маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов билан суҳбатлашганди. У ўз интервьюсида «ҳамма нарсани чеклаш мумкинлиги, лекин санъат чегарасиз соҳа эканини» таъкидлаб, Ўзбекистонда санъат учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини қўшимча қилган.
«Элчихона урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги чиқишлари уларнинг Ўзбекистон Республикаси обрўсига таҳдид соладиган урушни қўзғатишга қаратилган жиноий фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг сохта кўринишини яратиши мумкинлигига эътибор қаратади. Бундан ташқари, россиялик ижрочилар томонидан олинган маблағлар улар томонидан уруш, терроризм ва Украина халқининг геноцидини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин», — дея таъкидлади дипломатик миссия..
Элчихонанинг хабар беришича, «ушбу масала бўйича Ўзбекистон ваколатли органларига тегишли мурожаат» юборилган.
Бундан ташқари, Украинанинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг чиқишлари учун Ўзбекистондаги концерт майдонларидан фойдаланишга қарши чиққан ўзбек жамоатчилигига миннатдорлик билдирди.
Шарҳлар