Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши: Белгород яқинида ҳалокатга учраган “Ил-76” самолётида ҳарбий асирлар бўлмаган
“Бизнинг асирлар самолётда бўлганми, буни сизга аниқ айта оламан – бўлмаган. Мен буни Теҳрондан кейинги тажрибамиз асосида ва ундан кейин содир бўлган воқеалардан келиб чиққан ҳолда айтяпман. Агар шундай бўлганида, дейлик, жасад деб аталадиган биологик материал миқдори кўп бўларди”, – дейди Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов.
Даниловнинг фикрича, агар самолёт бортида ҳақиқатан ҳам украиналик ҳарбийлар бўлганида, Россия ҳалок бўлганларнинг тасвирини кўрсатган бўларди. Шу билан бирга, Киевда 24 январь куни алмаштирилиши керак бўлган маҳбуслар ҳали ҳам тирик ёки йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.
Ил-76 ҳарбий транспорт самолёти 24 январь куни Белгород областининг Яблоново қишлоғи яқинида уриб туширилган. Россия Мудофаа вазирлиги самолёт бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир бўлганини маълум қилди. Бир кун аввал The New York Times нашри АҚШ расмийларига таяниб, Ил-76 Patriot зенит-ракет мжмуаси билан уриб туширилганини ёзган эди. Нашрнинг қайд этишича, бортда украиналик ҳарбий асирлар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.
Шарҳлар