Украина Мудофаа вазири Рустем Умеров Жанубий Кореяга ҳарбий ёрдам сўраб ташриф буюради

Foto: ochiq manba

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилигидаги делегация яқин кунларда Жанубий Кореяга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Ташриф давомида улар Жанубий Кореядан ҳарбий ёрдам, жумладан, ҳаво ҳужумига қарши ракеталар ва артиллерия тизимлари етказиб бериш масаласини муҳокама қилади.

Бу ҳақда Соутҳ Чина Морнинг Пост нашрига асосланиб, РБК-Украина хабар бермоқда.

Манбаларнинг маълум қилишича, Киев Жанубий Корея ҳукуматига ҳарбий ёрдам сўралган аниқ таклифлар рўйхатини тақдим этмоқчи. Жанубий Корея аввал фақат ноҳарбий ёрдам билан чекланган эди, бироқ Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кучайганидан сўнг, Сеул ўз позициясини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл яқин кунларда Россия-Шимолий Корея ўртасидаги яқинлашувни кузатар экан, Украина билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканини билдирди. Бироқ бу масалада Жанубий Корея ички сиёсий ва ташқи босимларга дуч келмоқда.

Россия эса Сеулни Украинага қурол-яроғ етказиб бермасликка огоҳлантирди. Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко бу каби қарорлар Жанубий Корея ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликка зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.

Экспертлар Сеулнинг қарори мамлакат ички сиёсати, халқаро муносабатлар ва АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловлари каби омилларга боғлиқлигини қайд этмоқда. Жанубий Корея мудофаа вазирига қарши мухолифатнинг кучли қаршилик кўрсатиши, ҳатто импичмент талаби билан чиқиш эҳтимоли ҳам тилга олинмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ушбу ташриф доирасида Жанубий Кореяга ҳаво мудофаа тизимлари ва артиллерия қуроллари бўйича батафсил талабнома юборилишини тасдиқлади.

Мазкур ташриф Россия ва Шимолий Корея ҳарбий алоқалари фонида Украинага қўшимча ёрдам излаш ҳаракатларининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.