Украина аллақачон Россия Қора денгиз флотининг бешдан бир қисмини чўктирган – Bild
Украина аллақачон Россия Қора денгиз флотининг (РФ Қора денгиз флоти) бешдан бир қисмини чўктирган. Бу ҳақда Bild нашрининг очиқ маълумотлар таҳлили бўйича эксперти Жулиан Репке хабар берди.
Унинг таъкидлашича, 2022 йил баҳорида Россия Қора денгиз флоти 70 дан ортиқ кемадан иборат бўлган ва рус тарғиботи уни «енгилмас» деб атаган.
«Аммо «Москва» крейсери вайрон бўлгандан сўнг, флот Украина қирғоқларидан абадий узоқлашди. Ҳаммаси бўлиб, ўша вақтдан бери очиқ денгизда ва докларда, шунингдек, Севастополдаги Қора денгиз флоти штаб-квартираси биносида 13 та кема йўқ қилинди», – деб эслайди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, Қримдаги «Ивановец» ракета кемаси денгиз кучларининг учувчисиз учоқлари томонидан йўқ қилинганидан сўнг, Россия Қора денгиз флотининг йўқотишлари, кемаларнинг умумий тоннажига кўра, аллақачон 20% ни ташкил қилади.
Ўз навбатида, Европа университети тарихчиси Ян Беҳрендс таъкидлашича, агар тарихга назар ташласангиз, Россия кучли денгиз ҳимоясига эга эмас.
“Мамлакатнинг кучи ҳар доим денгиз флоти эмас, балки армияси бўлган. Бу Қора денгизга ҳам тегишли бўлиб, улар ўзлари 1854 йил Қрим уруши пайтида ва 1918 йил инқилобидан кейин флотнинг бир қисмини чўктирган. Украинанинг 2022 йилдан кейин Путиннинг ҳарбий кемаларига қарши муваффақиятлари замонавий технологияларнинг йўқлиги ва денгизчиларнинг нопрофессионаллигини кўрсатади”, — дея таъкидлаган эксперт.
Шарҳлар