,

Украина Саудия Арабистонида G7 ва глобал жануб мамлакатлари билан махфий учрашув ўтказди

Фото: Ак Жайык

16 декабрь куни Саудия Арабистонида Украина “Катта еттилик”давлатлари ва глобал жанубнинг айрим давлатлари вакиллари билан махфий учрашув ўтказди, унда Украина “тинчлик формуласи” муҳокама қилинди. Бу ҳақда Bloomberg  учрашувдан хабардор манбаларга таяниб хабар беради.

Глобал жануб мамлакатларидан келган иштирокчилар орасида Bloomberg Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Туркия вакилларини кўрсатиб ўтади. Аввалги саммитларда қатнашган Хитой, Бразилия ва БАА бу йиғилишга ўз вакилларини юбормаган. Bloomberg манбаларига кўра, Бразилия ёзма баёнот юборган – аммо унда нима дейилганлигига аниқлик киритилмаган.

Агентликнинг ёзишича, учрашув, хусусан, иштирокчиларга қулайлик яратиш мақсадида махфий қилинган. Bloomberg манбаларига кўра, бу формат тинчлик шартлари ва келажакда Украина ва Россия ўртасидаги потенциал ҳамкорлик тамойилларини янада эркин ва очиқроқ муҳокама қилиш имконини берди. Йиғилишда иштирок этаётган мамлакатларни, асосан, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар тақдим этди.

Нашр ёзганидек, томонлар “сезиларли ривожланиш”га эриша олмаган. Bloomberg маълумотларига кўра, глобал жанубдаги давлатлар Россия билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишга чақирмоқда, Украина ва G7 мамлакатлари эса Россия президенти Владимир Путинда музокаралар ўтказиш истаги йўқ, деб ҳисобламоқда.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши учрашувга изоҳ беришдан бош тортди. Украина ва Саудия Арабистони ҳам изоҳ бериш сўровларига жавоб бермади.

2023 йил декабрь ойи охирида The New York Times Россия ва Америка расмийларига таяниб, Путин сентябрь ойидан бошлаб турли дипломатик каналлар орқали Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлиги ҳақида “ишоралар бераётганини” ёзди.

Январь ойи бошида Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби матбуот хабарларига қарамай, Путин “албатта музокаралар олиб боришга тайёр одамдек иш тутмаётганини” айтди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.