Украинада уруш тугамагунича сайловлар ўтказилмайди
Украинада шу йил баҳорда ҳам, ҳарбий ҳолат бекор қилинмагунига қадар ҳам сайловлар бўлмаслиги аниқ, дея маълум қилди мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов.
“Сайловларни ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан кейингина ўтказиш мумкин бўлади. Бунинг учун биз ғалабага эришишимиз керак. Буни эса албатта қўлга киритамиз”, — деди у.
Аввалроқ Владимир Зеленский сафарбарлик ва ҳарбий ҳолатни яна 90 кунга (14 майгача) узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини Олий радага киритган эди.
Украина Конституцияси ҳамда Украина президенти сайловини ўтказиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, сайловлар жорий президентлик муддатининг бешинчи йили март ойининг сўнгги якшанбасида, яъни 2024 йил 31 март куни ўтказилиши керак эди.
Шарҳлар