Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири билан кўришди

Фото: Презиент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги вазирлар стратегик мулоқотида иштирок этиш учун мамламкатга келган Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ташқи ишлар вазири давлат раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва тилакларини етказган.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилган ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма инвестиция компаниясининг лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳим экани қайд этилган.

Банк соҳасини ривожлантириш, рақамли технологиялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим каби устувор йўналишларда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф қилинган.

Ўзаро мулоқотларни ва ҳамкорликнинг институционал механизмларини фаоллаштириш – сиёсий маслаҳатлашувлар, Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, бизнес форумлари ва кўргазмаларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланган ва 2011 йилги Ашхобод келишувлари доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.