Университетда деканатларни талабаларга хизмат кўрсатиши тўлиқ рақамлашади
Бўлиб ўтаётган мажлисда давлат раҳбари соҳани ривожлантириш учун янги ташаббусларни илгари сурди.
Техника йўналишидаги 36 та олийгоҳда ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнларини илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.
Масалан, Давлат техника университетида меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликларни қисқартириш, кафедраларни бирлаштириш мумкин. Университет тўлиқ дуал таълим тизимига ўтади. Фанлар камида 30 фоизга қисқаради.
Олийгоҳдаги таълим Дрезден техника университети (Германия) ва Цукуба университети (Япония) дастурларига мослаштирилади.
Университетда деканатларни талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлашади.
Хориждаги каби “Регистратор офиси” ташкил қилинади.
Ёки, Тошкент кимё технологиялари институтида бакалавриат ва магистратура йўналишларини мақбуллаштириб, 8 та янги йўналиш ва мутахассислик киритиш мумкин.
Ҳар йили иқтисод бўладиган маблағ институтни моддий-техника базасини кучайтиришга сарфланади.
Бундан ташқари, 36 та муҳандислик олийгоҳи ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан техника университети бўлади.
Ректорлар ҳамкорлик учун хорижий олийгоҳларни танлашда улар фаолиятига тўғри келишини таҳлил қилиб, шошма-шошарликсиз қарор қабул қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳар бир олийгоҳ Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган ҳамкор давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур.
Шунингдек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади.
Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди.
Бунда корхоналар кафедраларни жиҳозлаш, ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантиришга ҳар йили маблағ беришга тайёр.
Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.
Тармоқ вазирлик ва корхоналар тизимида 32 та тармоқ кенгашлари ташкил қилинади. Улар олийгоҳлар билан техника соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва буюртмачи бўлади.
Шарҳлар