“Қурбон бўламан”, – дея куйлаган, қўшиқлари қалбларни эгаллаган хонанда Абдулазиз Карим тирик

Фото: YouTube

Кеча, 25 декабрь оқшомида таниқли хонанда Абдулазиз Каримнинг вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқала бошлади. Бунга сабаб, ўзини унинг укаси деб атага, Умид исмли шахс томонидан  Абдулазиз Каримнинг Facebook саҳифасида қолдирилган қуйидаги пост сабаб бўлди.

Фото: Абдулазиз Каримнинг саҳифасидан фото кўчирма

“Бугун акам оламдан ўтдилар, дуо қилинглар. Мен укаси Умидман”, – дейилган Абдулазиз Каримнинг саҳифасида.

Бир оздан сўнг бу хабар тезкорлик билан барча ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди, яқин бир соат ўтар-ўтмас, хонанда Facebook саҳифаси бузиб кирилганлиги, тирик экани ва айни пайтда оила аъзолари билан биргалиги тўғрисида видео мурожаат билан чиқди.

Айни пайтда, Facebook тармоғида, унинг саҳифасида тарқалган хабар ўчирилган ва ушбу саҳифа Абдулазиз Каримнинг ўзига қайтарилган.

«Facebook саҳифамни очиб олдик. Душманликмисан душманлик бўлди лекин қоил қолдим, майли инсоф берсин нима ҳам дердик! Саҳифамни очилишида ўз маҳорати билан ёрдам берган дўстим Эмре Бозкуртъга катта раҳмат! Ҳавотирга тушиб ҳол ахвол сўраган барча яқинларимга дўстларимга ҳам катта раҳмат! 2010 йилда ҳам ҳудди шундай ҳолат рўй берган эди Одноклассники саҳифамда», – дейилади унинг саҳифасида қолдирган постида.

Абдулазиз Карим 1973 йилнинг 23 ноябрь куни Тошкентда туғилган. У ноябрь ойида ўзининг 50 ёшлик таваллуд кунини яқинлари даврасида нишонлаганди. Маълумот учун у 1991 йилда мусиқа мактабини тамомлаб, 1991—1996 йилларда Ўзбекистон давлат консерваторияси (Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси)нинг композиция факультетида таҳсил олган.

Унинг муаллифлигида ижро этилган “Узун армонлар”, “Қурбон бўламан”, “Ягонам ўзинг” қўшиқлари ҳамда Райхон Ғаниева билан ҳамкорликда куйлаган “Эркатойим мани ёқимтойим” дуэти хит даражасига кўтарилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.