Урганч халқаро аэропорти аэродроми капитал таъмиридан сўнг очилди

Фотo: Uzbekistan Airports

Урганч халқаро аэропорти 2024 йил 5 августдан фаолиятини тиклади. Тошкент вақти билан соат 11:00 да самолётларнинг учиб келиши / учиб кетиши бўйича барча чекловлар олинди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент – ​​Урганч йўналиши бўйича биринчи HY57 рейси бортида 146 нафар йўловчи билан соат 21:55 да Урганч аэропортига қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати ёзмоқда.

«Аввал хабар қилинганидек, қурилиш-таъмирлаш ишлари муддатидан олдин якунланди, бунинг натижасида аэропорт белгиланган муддатдан икки кун олдин очилди. Пудратчи сифатида “Урганч йўллардан мунтазам фойдаланиш” давлат унитар корхонаси, бош лойиҳачи сифатида “Нииат” инжиниринг компанияси ишларни амалга оширди. Қопламанинг лаборатория тадқиқотлари Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг таҳлилий-синов бўлими томонидан амалга оширилди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошлангани муносабати билан жорий йилнинг 20-июл куни ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Икки ҳафта ичида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, узунлиги 3000 м ва эни 45 м бўлган учиш-қўниш йўлаги қопламаси алмаштирилди ва мустаҳкамланди, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланди.

Бу аэропортга Boeing787 ва AirbusA330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қилиш ва ўз навбатида Урганч шаҳрига рейслар сони ва йўловчилар оқимини кўпайтириш имконини беради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.