Қурилиш ишлари 2023 йилда қарийб 107 фоизга ошган
Аввалги йиллардан фарқли равишда якунланган 2023 йил қурилиш соҳасида сермаҳсул йил бўлди. Буни ушбу йилда қурилиш ишларининг тахминан 107 фоизга ортганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълумот берди.
2023 йилда Республика бўйича жами қурилиш ишлари ҳажми 140 трлн. сўмдан ошди. Бунда асосан, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, инфратузилма объектлари, муҳандислик коммуникациялари ва йирик ишлаб чиқариш иншоотлари қурилишига оид мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши ҳамда ташаббусли бюджет тизимининг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан 40 та ҳудудда мега лойиҳа яъни “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши жадал олиб борилди.
Умуман олганда, 2023 йилда уй-жой қуриш ҳажми 1,5 бараварга ортиб, 90 минг хонадонли уйларда қурилиш ишлари ташкил этилди.
Янги жорий этилган “Ташаббусли бюджет” тизими ҳудудларда бунёдкорлик ишлари кўламининг янада кенгайишига туртки бўлди. Хусусан, ушбу тизим орқали олинган 5,5 трлн.сўм маблағ ҳисобига маҳаллалардаги 4701 та объектда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
2023 йил манзилли рўйхатга асосан 15 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, 34 та стандартлар, 27 та қурилиш регламентлари ва 10 та “смета-ресурс” нормалари ишлаб чиқилди.
“Қурилиш назорати” ахборот тизими орқали 12 мингдан ортиқ объект назоратга олинди ва шу асосда Вазирлик ҳузуридаги Инспекция томонидан 172 мингдан зиёд мониторинг ўтказилди.
Шарҳлар