Қурилиш вазирлиги: деворлари ёрилган бино авария ҳолатида
Мирзо Улуғбек туманида деворлари дарз кетган кўп қаватли уйнинг қурувчиси «Қуюн» МЧЖ раҳбари фирибгарлик йўли билан фуқароларга квартираларни сотиб юборган. У қурилиш вақтида бир қатор нормалар ва талабларни бузган, қурилиш жараёнида эса бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.
11 февраль куни ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уй деворларида катта ёриқ борлиги акс этган видео тарқалди. Вазият юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, Мағрур кўчаси 55Б-уй фуқаро Б.Зокиров томонидан 2017 йилда унинг оила аъзолари учун якка тартибдаги уй-жой сифатида қурилгани, кейин эса, ўзбошимчалик билан алоҳида квартираларга қайта қурилиб, фуқароларга сотилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур уй кўздан кечирилган ва ўрганилган. Экспертиза хулосасига кўра, қурилишда бир қатор талаблар бузилганлиги, бино сейсмик хавфли ҳудудда қуриш талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Ҳозир уй авария ҳолатида.
2022 йил июнь ойида фуқароларга яшаш учун яроқсиз уйдаги квартираларни сотган фуқаро Б.Зокировга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а», «б» бандлари (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни сотиш, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш), 168-модда, 4-қисм, «а» банди (ўта катта ҳажмдаги фирибгарлик) ва 229-модда (Ўзбошимчалик) бўйича айбловлар қўйилди. Натижада, у айбдор деб топилиб, 8 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Шу билан бирга, фуқароларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида товон ундириш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.
“Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2021 йил 22 февралдан бошлаб Шаҳарсозлик кодексининг 23-моддасига асосан, баландлиги ердан 12 метрдан ортиқ бўлган икки қаватли (ертўладан ташқари) якка тартибдаги турар-жой бинолари учун шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда ва (ёки) умумий майдони 500 кв.м дан ортиқ бўлса – қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси томонидан ҳисобга қўйиш тартиби жорий этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу бино кўп қаватли уй сифатида қурилиш меъёрлари ва талабларига мувофиқ қурилмаган”, — дейилади расмий хабарда.
Вазирликнинг маълумотларига кўра, бино ваколатли лойиҳа институтлари томонидан ўрганилмоқда. Натижалар кейинроқ эълон қилинади.
Шарҳлар