Урумчи шаҳрида саккизинчи “Хитой-Евроосиё” халқаро кўргазмаси иш бошлади
26 июнь куни Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида саккизинчи “Хитой-Евроосиё” халқаро кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Тадбирда фахрий меҳмон сифатида Ўзбекистон, Қирғизистон Бош вазирлари, Тожикистон, Қозоғистон Бош вазирларининг ўринбосарлари, шунингдек, 40 дан ортиқ хорижий ҳукуматлар вакиллари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам сўзга чиқган.
«Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб, яхши қўшничилик ва дўстликнинг янги моделига айланаётганини таъкидлаб, бунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги самимий муносабатлар ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган имкониятлар муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида қайд этди», – дейилади хабарда.
Хитойлик ҳамкорлар билан энергетика, кимё, машинасозлик, текстиль, қурилиш материаллари, маиший техника, тиббий асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани билдирилди.
Савдо иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақа мамлакатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланаётгани маълум қилинди.
Шинжон-Уйғур автоном райони Хитойнинг Марказий Осиёга дарвозаси ҳисобланиши, бундай форматдаги тадбир эса ўзаро ҳамкорликни изчил ва мантиқий давом эттиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Урумчи шаҳрига ташриф доирасида Хитойнинг “China State Construction Engineering Corporation”, “Сhina Energy International Group” ва бошқа компаниялари билан ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Шунинг билан Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи якунига етган.
Шарҳлар