Қурувчи ташкилотларга қурилган кўп қаватли бинолар учун бошқарувчи компанияларни жалб қилиш мажбурияти юкланди

Фото: unplash.com

Бошқарувчи ташкилотга эга бўлмаган янги турар жой бинолари фойдаланишга қабул қилинмайди. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 августдаги «Кўп қаватли уйларни бошқаришни янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Ҳужжатга кўра, қурувчи ташкилотлар қурилиши тугалланган уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни жалб қилишлари керак.

Амалдаги тартибга кўра, қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи 2 йилда қурувчи томонидан амалга оширилади. Қурувчининг ўзи бошқарув усулини танлайди ёки шартнома асосида бошқарув ташкилотини жалб қилиши мумкин. Биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони 50 фоиздан ошса, мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланади.

Қарор билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига бошқарувчи ташкилот ёки уй бошқарувчисини алмаштиришга чекловлар белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Янги қонун лойиҳасида умумий йиғилишнинг уй-жойларни қуриш усули ва бошқарув органини танлаш тўғрисидаги қарори, агар бунинг учун биноларнинг барча мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг 50 фоиздан ортиғи овоз берган бўлса, қабул қилинган деб эътироф этилиши акс эттирилиши керак.

Бундан ташқари, қонунда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ер участкалари учун барча уй-жой мулкдорлари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида қарз маблағлари, шу жумладан, кредитлар олиш имкониятини белгилаш таклиф этилмоқда. Ҳозирда бунинг учун уй эгаларининг 80% дан ортиғи ёки уларнинг вакиллари овоз бериши керак бўлади.

Кўп қаватли уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, кўп қаватли уйни бошқариш усули жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Бошқарув бевосита мулкдорлар, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи (шартнома асосида), шунингдек, уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.