USAID АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун 14,3 миллион доллар ажратади
USAID администратори Саманта Пауер Ўзбекистонда ўтган ривожланиш бўйича C5+1 минтақавий вазирлар йиғилишида Марказий Осиёга қўшимча сармоя киритилишини эълон қилди. 24-октабр куни Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида администратор Саманта Пауер раислигида Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари билан C5+1 минтақавий вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда администратор Пауер АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашаётганини намойиш этган ҳолда минтақага АҚШ томонидан қўшимча 14,3 миллион доллар ёрдам берилишини эълон қилди.
Минтақавий алоқа ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида вазирлар савдо-сотиқни ошириш ва иссиқхонадан чиқаётган газларни камайтириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олдилар.
Яшил энергиядан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш
USAID Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиради ва углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича стратегияларни ўзаро алмашади. Булар сирасига Марказий Осиёда электр энергиясини ишлаб чиқаришдан бутун минтақада самаралироқ фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш орқали чиқиндиларни камайтиришга устувор аҳамият бериш киради.
Чегаралар бўйлаб товарлар алмашинувини соддалаштириш
USAID Марказий Осиё давлатлари ўртасида божхона тизимини модернизация қилиш бўйича ишларни қўллаб-қувватлайди, бу эса трансчегаравий савдо ва алоқани оширади. Ҳар бир давлат автоматлаштиришни кенгайтириш, умумий протоколлардан фойдаланиш ва ҳар бир давлатнинг шакллари ва тартибларини тан олиш ҳамда савдо-сотиқни осонлаштириш мақсадида товарларни чегарадан ўтказиш вақтини қисқартиришга ҳаракат қилади. Бу саъй-ҳаракатлар товарларни чегарадан ўтказиш вақтини ва харажатларини қисқартиради, минтақавий савдо алоқаларини мустаҳкамлайди ва шаффофликни таъминлайди. Ушбу чора-тадбирларнинг аксарияти Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзоликнинг асосий жиҳатлари ҳисобланади.
Янги келишувларга қўшимча равишда, администратор Пауер USAIDнинг қуйидаги минтақавий сармояларини эълон қилди:
Иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хусусий секторга киритиладиган сармояларни рағбатлантириш
Марказий Осиёда савдони кенгайтириш ва хусусий секторни мустаҳкамлаш бўйича аввал амалга оширилган ишларга асосланиб, USAID 100 тагача микро, кичик ва ўрта корхоналарга грантлар тақдим этган ҳолда хусусий инвестициялар учун 10,8 миллион доллар ажратади. Бундай корхоналар, биринчи навбатда, фаолияти чегараланган жамоалар томонидан бошқариладиган ҳамда АКТ ва яшил иқтисодиёт каби муҳим секторларда ишлайдиган стартаплар бўлади. Ушбу сармоялар стартапларга янги технологияларни ишга тушириш, бизнес амалиётини яхшилаш ва самарадорликни ошириш билан бирга мижозларнинг бизнес амалиётини янгиловчи ва савдо-сотиқни оширувчи янги дастурий воситаларни яратишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа 8 000 нафар марказий осиёлик учун иш ўринлари яратиш ва яхшилашга ёрдам беради, шу билан бирга аёллар, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини 21-аср иқтисодиёти учун талаб қилинадиган кўникмалар билан таъминлайди.
USAIDнинг Марказий Осиёда ахборот яхлитлиги бўйича ташаббуси
Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан йўлга қўйиладиган қиймати 1,5 миллион долларга тенг бўлган ушбу янги минтақавий дастур онлайн ва оммавий ахборот воситаларида ахборот сифатини яхшилаш ҳамда фуқароларга нотўғри маълумотни аниқлаш ва уларга қарши курашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Кучли ахборот муҳитини қўллаб-қувватлаш бўйича олдинги ташаббусларга асосланган ҳолда, USAID журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларини энг аниқ маълумотни чоп этишни рағбатлантирувчи суриштирув ва маълумотлар журналистикаси кўникмалари билан таъминлаш орқали медиа саводхонлигини ошириш ва дезинформацияга қарши курашиш бўйича жамоатчилик кампанияларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, USAID нотўғри маълумот тарқатиш ва дезинформацияни камайтирадиган сиёсатни ишлаб чиқиш учун маҳаллий ҳукуматлар билан иш олиб боради.
Энергия хавфсизлиги ва минтақавий электр энергияси савдосини ривожлантириш
10 йилдан ортиқ вақт давомида USAID Марказий Осиё бўйлаб қайта тикланадиган энергияга ўтишни қўллаб-қувватлаб келади. 2 миллион долларлик қўшимча сармоя орқали USAID хусусий сектор сармояларини кўпайтириш бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлайди ҳамда қайта тикланувчи энергияни кенгайтириш учун иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришни йўлга қўяди. Ушбу янги сармоя шаффофроқ бизнес амалиётларини жорий этиш, минтақада АҚШ компаниялари сармоялари ва инновацияларини кўпайтириш ҳамда Марказий Осиёда кучли тижорий интеграцияга йўл очади.
Вазирлар йиғилишидан сўнг, USAID администратори Пауер ва Марказий Осиёнинг бешта давлатидан келган вазирлар қўшма баёнот қабул қилишди. Бу билан улар АҚШ ва минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки томонлама савдо ва сармоявий алоқаларни кучайтириш, экспорт-импорт бозорларини диверсификация қилиш, яшил энергия ривожланишини рағбатлантириш ҳамда энергия самарадорлиги ва инклюзив ва барқарор иқтисодий ривожланишга ёрдам беришга содиқликларини таъкидлашди. Иштирокчилар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар, болалар ва имконияти чекланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ эканликларини тасдиқладилар.
Шарҳлар