USAID қишлоқдаги тадбиркор аёлларга 200 минг АҚШ долларлик ускуналарни тақдим этди

Источник: пресс-служба посольства США в Узбекистане

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тадбиркорлик ва касб-ҳунар ўргатиш дастурини битирган 226 нафар аёлга қиймати 200 минг АҚШ долларидан ортиқ ускунараларни тарқатишни бошлади. Қишлоқ аёллари ушбу ускуналар ёрдамида янги тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш имкониятига эга бўладилар. Ускуналар USAIDнинг умумий қиймати 3,4 миллион АҚШ долларига тенг Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш дастури доирасида тақдим этилмоқда. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг матбуот хизмати маълум қилади.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаела Мередит хонимнинг таъкидлашича: “Қишлоқ аёллари ўз бизнесларини йўлга қўйиш имкониятини берувчи молиялаштириш имкониятига ва билимга эга бўлсалар, жамиятнинг гендер масалаларига нисбатан бўлган муносабати ўзгаради ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши янада инклюзив, барқарор ва юқори бўлади”.

Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш дастури 2021 йилда ишга туширилган. 2022 йил апрелдан август ойига қадар эса USAID «Сабр» Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ва 13 та ижтимоий йўналтирилган ННТ билан ҳамкорликда тадбиркорлик, молиявий ва ҳуқуқий саводхонлик, бухгалтерия ҳисоби, кредит олиш, меҳнат ҳуқуқларини қамровчи ҳамда гендер зўравонлик тўғрисидаги хабардорликни оширишга қаратилган машғулотларни ташкил этди. Уларга 1000 га яқин қишлоқ ҳудудларда истиқомат қилувчи ишсиз аёллар жалб этилди.

Бундан ташқари, боғдорчилик, асаларичилик, сутчилик, ипакчилик, қуёнчилик, паррандачилик, шунингдек, миллий ҳунармандчилик, меҳмондўстлик хизматлари, қандолатчилик, пазандачилик, тикувчилик, сартарошлик, бухгалтерия ҳисоби, компьютер саводхонлиги ва ИКТ каби йўналишларда мақсадли касб-ҳунар таълими йўлга қўйилди. Сентябрь ва октябрь ойларида USAID қўшимча ўқув дастурларни ишга туширди.

Дастур доирасида битирувчиларнинг 500 нафарига ишга жойлашиш ҳамда ўз бизнесларини йўлга қўйиш каби имкониятлар яратилади. 226 нафар битирувчи эса ускуналар билан таъминлангандан сўнг иссиқхона, сутни қайта ишлаш, паррандачилик, гиламдўзлик, тикувчилик, каштачилик, қандолатчилик каби йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни бошлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.