USAID ва ХТВ мамлакат бўйлаб бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолаш бўйича биринчи тадқиқотни ўтказади

Источник: посольство США в Узбекистане

АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 15 ноябрдан 7 декабргача бошланғич мактабларда ўқиш ва математика (EGMA) кўникмаларини миллий баҳолаш (EGRA) бўйича тадқиқот ўтказмоқда. USAID  ва вазирлик ўртасидаги ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда бундай кўламдаги миллий стандартлаштирилган баҳолашга биринчи уринишдир. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида Anhor.uz нашрига маълум қилинди.

EGRA ва EGMA  умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг асосий саводхонлиги ва арифметик кўникмаларини баҳолаш учун илмий асосланган моделлар ҳисобланади. EGRA ва EGMA  доирасида мамлакатимиздаги 937 та давлат умумтаълим мактабларининг 11 мингдан ортиқ ўқувчиларининг малакаси ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тилларида ҳамда иккинчи тил сифатида ўзбек тилида баҳоланади. . Баҳолаш натижасида тўпланган аниқ маълумотлар вазирлик ва унинг ҳамкорларига Ўзбекистон ўқувчиларининг таълимда муваффақиятга тайёргарлик, жамиятнинг фаол аъзолари ва келажак мутахассислари бўлиш учун зарур бўлган асосий кўникмалар ҳисобланган ўқиш ва математика кўникмаларини яхшилаш бўйича янада самаралироқ, далилларга асосланган қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ўтказиладиган баҳолашнинг муҳимлигини таъкидлаб, шундай деди: “Биз таълимга сармоя киритиш ҳар бир давлат қила оладиган энг муҳим нарса, деб ҳисоблаймиз. Ёш авлодга сармоя киритиш келажагимизга қўйилган сармоядир. Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошираётган мазкур лойиҳа Ўзбекистон бўйлаб 3-5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолашга ёрдам беради. Лойиҳа ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва ушбу фанларни ўқитишга тўғри сармоя киритиш имконини беради”.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов “Бизнинг вазифамиз – фарзандларимизни муваффақиятли қилиш, мақсадимиз – уларни бахтли кўриш. Ушбу лойиҳа бошланғич синфларда юқори сифатли таълим бериш бўйича миссиямизни илгари суришда муҳим қадамдир”, – деди.

Ҳозирга қадар USAID  40 дан ортиқ мамлакатда EGRA ва EGMA  тадқиқотларини ўтказди ва тўпланган маълумотлар бутун дунё мамлакатларига ўқувчиларнинг ўқиш ва математика бўйича асосий кўникмаларини яхшилашга ёрдам берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.