USAID Жиззах вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказига тиббий ускуналар тақдим этди

Источник: пресс-служба USAID

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Жиззах вилояти тиббиёт муассасаларига сил касаллиги билан курашишга кўмаклашиш мақсадида тиббиёт асбоб-ускуналарини топширди. Маросимда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига USAIDнинг матбуот хизмати хабар беради.

Тадбирда касалликнинг дориларга чидамли шакллари Ўзбекистонда ҳали-ҳамон жиддий муаммо бўлиб тургани таъкидланди.

«USAID туберкулёзнинг дориларга чидамли шаклларини аниқлаш ва даволаш борасидаги маҳаллий ва минтақавий салоҳиятни юксалтириш орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёда унинг юкини камайтириш йўлида фаол ишларни амалга оширмоқда», – дейилади хабарда.

Тадбир давомида USAIDнинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўлими раҳбари Черри Гумапас шундай деди: «Бугунги тадбир USAID билан Ўзбекистон ўртасида ҳудудлар, шу жумладан Жиззах вилоятидаги тиббиёт хизматларини яхшилаш мақсадида давом этаётган шерикликнинг ёрқин мисолидир. Ҳамкорлигимиз Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади».

Қиймати қарийб 75000 АҚШ долларига тенг мазкур асбоб-ускуналар, шу жумладан электрон термометрлар, стетоскоплар ҳамда пульсоксиметрлар, вилоят тиббиёт муассасаларига ўз вақтида ва самарали ёрдам кўрсатиш, сурункали касалликлари бўлган беморларга тезда ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради.

Тиббий асбоб-ускуналар АҚШнинг Welch Allyn ишлаб чиқарувчи компанияси томонидан USAIDнинг “Марказий Осиёда туберкулёзни тугатиш бўйича” лойиҳаси доирасида ҳадя этилган бўлиб, Жиззах вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази, вилоятдаги туберкулёз диспансерлари, касалхона ва поликлиникаларига тарқатилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.