Қувасойда дарахтларни кесишга рухсат берган маҳалла раиси жаримага тортилди
Фарғона вилояти Экология бошқармаси Қувасой шаҳар бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги рейд тадбирлари олиб борилди. Рейд давомида Қувасой шаҳар, “Чўлпон” МФЙда яшовчи фуқаро Т.Д. уйи олдидан ўтувчи газ трубаларига халал бераётганини айтиб, икки туп тол дарахтини кесиш ҳақида маҳалла раисидан оғзаки рухсат сўрагани, маҳалла раиси С.Қ. эса ўзбошимчалик билан кесишга рухсат берганлиги аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасида дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ҳамда ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш учун жавобгарлик белгиланган.
Ҳуқуқбузарлик натижасида ўсимлик дунёсига 11 миллион 055 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди. S.Q.ga эса МЖтКнинг 79-модда 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида (3 миллион 300 минг сўм) жарима белгиланди.
Маҳалла раиси қилмиши учун жами 14 миллион 355 минг сўм миқдорида товон тўлайдиган бўлди.
Шарҳлар