Ўқувчини урган ўқитувчи бошқа мактабда жанжал кўтаргани учун 7 суткага ҳибсга олинди

Фото: Kun.uz

Тошкентдаги 188-мактабда болани калтаклаган ўқитувчи қизи ўқийдиган бошқа мактабда жанжал уюштирди. Суд унга нисбатан етти суткага қамоққа олиш ва 3,4 миллион сўм жаримага тортиш жазосини тайинлади, деб ёзади Kun.uz .

24 сентябрь куни аёл Яшнобод туманидаги 204-мактабга келган, таълим муассасаси раҳбарияти билан жанжаллашиб, директорнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарини уриб юборган.

Xабарда, шунингдек, мактаб расмийлари билан можародан сўнг, ундан жамоат тартибини сақлаш сўралган, аммо у Миллий гвардия зобитларига нисбатан «ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар»ни кўрсатган. Бу ҳаракатлар кўплаб ўқувчиларнинг кўз ўнгида бўлган.

25 сентябрь куни суд ўқитувчини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик), 194-1 (Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларига риоя қилмаслик) ва 197-5 (ўқув фаолиятига ноқонуний аралашиш, таълим муассасаси ўқитувчисининг касбий фаолияти ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик) моддалари билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 7 суткага қамоққа олиш ва 3,4 миллион сўм миқдорида жаримага тортиш жазосига ҳукм қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.