UzAuto Motors компанияси Chevrolet Captiva 5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатмоқда
UzAuto Motors компанияси Chevrolet Captiva 5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатишга мажбур, дейилади компания хабарида.
«Юзага келган ҳолат компания тарихида биринчи бор юз бериши, лекин, биз бугунги кунда жаҳон автомобиль саноати оғир кунларни бошдан кечираётганлиги ва бизнинг компаниямиз ҳам бундан мустасно эмаслигини бир неча бор хабар қилганмиз».
Шу муносабат билан, «Uzauto Motors» АЖ раҳбарияти ва жамоаси “ўз мижозларимиздан келтирилган ноқулайликлар учун чексиз узр сўрайди ҳамда айни пайтдаги вазиятда мижозлари учун қайғуриб, қабул қилинган қарори ягона тўғри қарор эканлигига ишонади”.
«Мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилади. Шунингдек, компания қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизини компенсация сифатида тақдим этади».
Бундан ташқари, янги кроссовер сотиб олиш эҳтиёжида бўлган харидорлар ўз хоҳишига кўра, Captiva 5 автомобилининг ўрнига Equinox ёки Tracker моделларини харид қилишлари мумкин. Алмаштирилган автомобилларни етказиб бериш муддати Chevrolet Captiva 5 учун тузилган шартномаларга мувофиқ, 2022 йил январь ойидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади, дейилади хабарда.
Шунингдек, компания юқорида кўрсатилган муддат асосида Captiva 5 автомобили ўрнига Malibu, Cobalt ёки Trailblazer автомобилларини харид қилиш имкониятини кўриб чиқишни ҳам таклиф этмоқда.
Шарҳлар