“Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистонв ва Тожикистон раҳбарлари учрашдилар

Фото: пресс-служба президента

Душанбедаги “Қасри Миллат” давлат қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказдилар.

Унда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқлаган.

«Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш экани таъкидланди. Шу маънода, иттифоқчилик муносабатларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш барча даражалардаги мулоқотлар натижадорлигини оширишни тақозо этиши қайд этилди», – дейилади хабарда.

Охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсиб, қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайган. Шунингдек, ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилган ҳамда унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилган. Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.

Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилган. Кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва ёшлар форумлари мунтазам ўтказилиши таъкидланган ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамёнбоп туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Давлат раҳбари Президент Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф буюришини таклиф қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.