Uzbekistan Airports самолётда қандай маҳсулотларни олиб ўтиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди
Uzbekistan Airports авиакомпанияси қўл юкида қандай мева-сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини олиб ўтиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Реза-мевалар, мева ва сабзавотларни қўл юкида ҳам, багажда ҳам олиб ўтишга рухсат берилади. Тез айнийдиган маҳсулотларни қўл юкида қулай қадоқларда, масалан, пластик сават ёки қопқоқли контейнерларда олиб ўтиш тавсия этилади, чунки аксарият авиакомпаниялар йўловчилар багажида уларнинг хавфсизлиги учун жавобгар эмас.
Гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳаво ўтказмайдиган вакуумли қадоқларга жойлаштирилиши керак. Нон маҳсулотларини пластик ёки мато пакетга солиш мумкин.
Зираворларни ўткир ҳиди туфайли багажда олиб ўтиш тавсия этилади. Шунингдек, алкоголли ва бошқа ичимликларни фақат багажда олиб ўтишга рухсат этилади, бунда уларни аввалдан полиэтиленга қадоқлаб, шикастланмаслик учун юмшоқ матоларга ўралади.
Агар озиқ-овқат қўл юкида олиб ўтилаётган бўлса, сиз ҳар бир авиакомпаниянинг қоидалари ва стандартларини ҳисобга олишингиз керак. Агар пакет рухсат этилган ўлчамлардан ошиб кетган бўлса, уни пластик идишга, ёғоч қутига ёки қалин картон қутига ўраш ва багажга топшириш керак.
Ўзбекистон аэропортларидан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиқиш учун қонунчиликда тўсиқлар йўқ, маҳсулот миқдори рухсат этилган меъёрлардан ошиб кетган ва экспорт деб ҳисобланиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
Буларнинг барчаси аниқ авиакомпания қоидаларига ва борадиган мамлакат қонунчилигига боғлиқ. Ушбу қоидалар билан авиаташувчининг веб-сайтларида ва белгиланган мамлакатнинг тегишли манбаларида олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилади.
Шарҳлар