«Ўзсувтаъминот» Тошкент вилоятида ўқувчилар сувдан заҳарланганини рад этди
«Ўзсувтаъминот» АЖ Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги ихтисослашган мактабда ўқувчилар сувдан заҳарлангани айтилган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аввалроқ болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ўқувчилар мактаб ҳудудидаги фильтрланмаган сувдан ичгани ва соғлиғидан шикоят қилгани, хусусан, 15 сентябрдан 19 сентябрга қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига борганини билдирганди.
Ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда «Тошкент вилояти сув таъминоти» компанияси ва Олмалиқ шаҳри сув таъминоти корхонаси ходимлари ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилиб, сувдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил учун намуналар олинган.
«Ўзсувтаъминот»нинг таъкидлашича, аҳолидан ичимлик суви сифати бўйича маълумот олинганда уларда эътироз ҳамда ичимлик суви сабабли соғлиғида шикоят йўқлиги айтилган. СЭС Олмалиқ шаҳри бўлими томонидан 20 сентябрда «Бухоро» мактабидан олинган ичимлик суви намуналари (4 та) хулосасига кўра, ичимлик суви белгиланган меъёр талабларига жавоб беради.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тумани прокуратураси, болалар омбудсмани, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан қўшимча текширув олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий эканини, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилганини билдирган.
Шарҳлар