Ўзбекистонда узумзор ва олмазорлар барпо этишнинг янги тизими жорий қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ижросига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мамлакатимизда бу соҳанинг тармоқлари кўп ва катта салоҳиятга эга. Сўнгги йилларда пахтачилик, мева-сабзавотчилик, иссиқхона хўжалиги, қайта ишлаш саноати каби кўплаб йўналишлар самарадорлик нуқтаи назаридан ислоҳ қилинмоқда.
Юртимизда 136 та туманда 1 миллион гектардан зиёд ерда пахта етиштирилади. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида бу йил, одатдагиларига қўшимча, 42 та истиқболли ва 18 та хорижий навлар экилган. Жумладан, илк бор Хитой, Ҳиндистон ва Туркиядан олиб келинган навлар қарийб 100 минг гектарда етиштирилмоқда.
Шунингдек, янги тажрибалар сифатида 112 минг гектарга тиндирилган уруғ, 200 минг гектарга вилоятлараро ва туманлараро навлар алмашлаб экилди.
Мутасаддилар ушбу янгиликларнинг натижалари ва келгуси йил уни янада кенгайтириш режалари юзасидан ахборот берди. Давлатимиз раҳбари хориждан уруғ олиб келишда рақобат муҳитини яратиш, пахта етиштириш агротехникасини ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорлик, биринчи навбатда, уруққа боғлиқ. Лекин кўп фермерлар уруғлик учун устамани кам тўлашни ўйлаб, паст авлодли уруғ экаяпти. Янги уруғ навини синовдан ўтказиб, давлат реестрига киритишга эса 5 йил кетаяпти. Илғор тажрибада бирламчи уруғчиликни хусусий элита хўжаликлари амалга оширади.
Шу боис навларни синашнинг янги тизими жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, 31 та элита уруғчилик хўжалиги ва 6 та уруғлик тайёрлаш цехидаги давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилади. 46 та уруғчилик корхонаси бирлаштирилиб, ҳудудларда 13 та замонавий корхона ташкил этилади. Янги уруғлар 2 йилда экишга жорий қилинади.
Соҳадаги яна бир катта йўналиш боғдорчилик ва узумчилик. Мамлакатимизда 266 минг гектар боғ ва 132 минг гектар токзор бор. Лекин бу унумдор табиатимизга яраша эмас. Ҳудудларда яхши фойдаланилмаётган ерлар, бўш адирлар талайгина.
Энди бундай ерларда мевали боғлар, жумладан, узумзор ва олмазорлар барпо этишнинг янги тизими жорий қилинади.
Яъни, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳудудларнинг ихтисослашуви ҳамда тупроқ-иқлим шароитини инобатга олиб, лойиҳаларнинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқади. Ерни тайёрлаш, кўчат олиш, экиш ва суғориш тизимлари ўрнатиш ҳамда боғ ҳосилга киргунча 3 йил парваришлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Янги ташкил этилган саноатлашган боғларга 100 фоиз замонавий сув тежовчи технологиялар ўрнатилади.
Шунингдек, бундай лойиҳаларга ер ажратиш тизими ҳам ўзгаради. Маҳаллий ҳокимлар ҳосилдорлиги паст ерлар ўрнида боғ барпо этиш бўйича таклиф киритади. Улар очиқ электрон танлов асосида 30 йил муддатгача ижарага берилади.
Президентимиз боғ ва токзорларни саноатлашган тарзда барпо этиш муҳимлигини айтди.
– Асосий мақсадимиз қишлоқ хўжалигини илмий асосланган, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг энг яхши тажрибаларини татбиқ қилган ҳолда ривожлантириш, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тақдимотда иссиқхона хўжаликларидан ҳам самарали фойдаланиш, уларни электр энергияси, табиий газ ва айланма маблағ билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Бугунги кунда сувни тежаш – долзарб масала. Ҳудудларда 732 минг гектар пахта ва ғалла майдони ички насос агрегатлари орқали суғорилмоқда. Уларнинг 41 фоизида энергия истеъмоли юқори.
Шу боис пахта ва ғалла етиштирувчилар ихтиёридаги насосларни модернизация қилиш учун бир марталик субсидия ажратишни йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Бу орқали электр энергияси сарфи ва суғориш вақтини 60 фоизгача камайтиришга, пировард натижада маҳсулот таннархини пасайтиришга эришилади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, уларни такомиллаштириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.
Шарҳлар