“Вагнер” ХҲКга шахсан Пригожин томонидан ёлланган ўзбекистонлик фуқаро ватанида беш йилга колонияга ҳукм қилинди

Фото: газета.ру

“Вагнер” ХҲК сафида Украинага қарши жанг қилган ўзбекистонлик Ғолиб Алиев ўз ватанида ёлланма жинояти учун беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм 24 июнь куни эълон қилинган, бироқ у энди маълум бўлди, деб ёзади “Медиазона”.

Тергов материалларига кўра, Наманган вилояти Поп туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Ғолиб Алиев 2016 йилда Россияга ишлаш учун кетган. Кўп ўтмай у Тожикистон фуқароси билан жанжаллашиб қолган ва муштлашув бўлган. Ўзбекистонлик йигит рақибини калтаклади, натижада у вафот этган.

Россия суди чет эл фуқаросини қотиллик айби билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилган. Муҳожир Тамбов областида жойлашган колонияга ўтказилган.

Алиевнинг сўзларига кўра, 2022 йил 1 сентябрь куни “Вагнер” ХҲК раҳбари Евгений Пригожин жазони ўташ муассасасига келиб, маҳбусларни йиғиб, Украинага қарши урушда қатнашишни таклиф қилган. Олти ойлик шартнома учун у ойига 175 минг рубль миқдорида нақд пул тўлашни, судланганликни олиб ташлашни ва Россия фуқаролигини таъминлашни ваъда қилган.

Ўзбекистон фуқароси терговчиларга Пригожиннинг колонияни тарк этиш таклифини қабул қилганини айтди. У билан бирга 700 ёки 800 нафар маҳкум шу тариқа ХҲКга ёлланган.

Сентябрь ойи ўрталарида улар Луганск яқинидаги ҳарбий лагерга олиб келинган. У ерда улар отишма ва жангда зарур бўлган бошқа кўникмаларга ўргатилган. Октябрь ойининг бошида Алиев ва бошқа собиқ маҳбуслар фронт чизиғига ўтказилган.

Орадан бир неча ой ўтгач, ўзбекистонлик елкасидан яраланган, шундан сўнг у 50 кун касалхонада ётган. Унга 600 минг рубль миқдорида мукофот берилганини тан олди.

Хизматга қайтганидан сўнг, чет эллик Луганскдаги ҳарбий озиқ-овқат омборини қўриқлаган. 2023 йил март ойида унинг “Вагнер” ХҲК билан шартномаси тугаган ва Алиев Ростовга юборилган, у ерда «Жасорат учун» медали билан тақдирланган. Ёз охирида муҳожир Россия фуқаролигини олган.

Декабрь ойида собиқ маҳбус ўз ватанига қайтиб келган ва у ерда тез орада унга қарши урушга ёлланганлик бўйича иши очилган. Таъкидланишича, суд жараёнида айбланувчи фақат жазодан қутулиш ва тезроқ Ўзбекистонга қайтиш учун ўз ихтиёри билан жангга чиққанини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда республикада бир нечта шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Бунда, уларга мутлақо турли ҳукмлар чиқарилган. Шундай қилиб, “Вагнер” ХҲК таркибида жанг қилган Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган, лекин фронтга жўнатилгунга қадар ўз ватанига қочиб кетган қорақалпоғистонлик шахс уч йилга озодликдан маҳрум этилган.

Иккала ҳолатда ҳам Ўзбекистон фуқаролари фақат беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутувчи урушга ёлланиш моддаси бўйича судланган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.