АҚШнинг НАТОдаги элчиси: бўлажак саммитда Украинани Альянсга таклиф қилишларини кутмаяпман
Вашингтонда 9-11 июль кунлари бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Украина Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлишга таклиф этилмаслиги эҳтимоли катта. Бу ҳақда АҚШнинг НАТОдаги элчиси Жулианна Смит Reuters ахборотига таяниб маълум қилди, деб ёзади «РБК-Украина».
Смитнинг таъкидлашича, у ҳозирги босқичда Украинага таклифнома юборилишини кутмаяпди. Элчи, шунингдек, НАТО иттифоқчилари Украинани жангда қўллаб-қувватлаш ва унга жанг майдонида ёрдам кўрсатишга эътибор беришда давом этишини таъкидлади.
“Бу йил ёзда бўладиган саммитга келсак, бу босқичда Альянс таклиф (Украинага – таҳр.) юборишини кутмаяпман”, – деди Смит.
Вашингтонда ўтказиладиган бу йилги НАТО саммити юбилей тадбир ҳисобланади. Унда муҳим масалалар, жумладан альянсни янада ривожлантириш ва Украина билан муносабатлари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бироқ, Британиянинг НАТОдаги элчиси Дэвид Куоррига кўра, Украина ушбу саммитда НАТОга аъзолик масаласида сезиларли муваффақиятга эришишини кутмаслиги керак.
Шарҳлар