Вазирлар Маҳкамаси қарори юзасидан судга шикоят қилган фуқаронинг иши ўзгаришсиз қолдирилди

Foto: norma.uz

Вазирлар Маҳкамаси қарори юзасидан судга шикоят қилиб, аризаси қабул қилинмаган фуқаронинг иши Олий суднинг апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди ҳамда ўзгаришсиз қолдирилди.

Аризачи М.Субханов Олий судга мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган 2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси (суд томонидан ҳал этиладиган ишлар) 1-қисми 1-бандига кўра маъмурий судлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши белгиланган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси (норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари)га мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, унинг устидан низолашиш маъмурий судловга тааллуқли эмас.

М.Субхановнинг аризаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси (аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш) 1-қисми 1-бандига мувофиқ иш маъмурий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли Олий суд судьясининг 2024 йил 19 июндаги ажрими билан М.Субхановнинг аризасини иш юритишга қабул қилиш рад этилган.

Бугун Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ушбу ажрим устидан аризачи М.Субхановнинг апелляция шикояти кўриб чиқилиб, Олий суд судьясининг 2024 йил 19 июндаги ажримини бекор қилишга асослар аниқланмаганлиги сабабли Олий суднинг апелляция инстанциясининг қарори билан мазкур ажрим ўзгаришсиз қолдирилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.