,

Венгрия Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортса, Евроиттифоқ унинг иқтисодиётини барбод қилишга тайёр

Фото: Moscow Times

Евроиттифоқ ҳукумати Венгрия бош вазири Виктор Орбан 1 февраль кунига белгиланган Европа Иттифоқи фавқулодда саммитида Украинага янги кўмакни блоклаб қўйган тақдирда қўллаш учун режа ишлаб чиқди. Бу ҳақда The Financial Times Евроиттифоқ мансабдорлари томонидан тайёрланган махфий режага таяниб хабар берди.

Ҳужжатда айтилишича, агар Евроиттифоқ саммитида Украинага ёрдам ҳақида қарор қабул қилинмаса, блокнинг бошқа мамлакат ва ҳукуматлари Венгрия бош вазирининг “ноконструктив хатти-ҳаракатлари туфайли”, Будапешт Евроиттифоқ маблағларини қўлга киритишига йўл қўя олмаслигини оммага маълум қилади.

Ҳужжатда Венгрия иқтисодиётининг заиф томонларига қаратилган стратегия, миллий валютанинг барбод қилиниши ва “иш ўринлари ва ривожланиш”га зарар етказиш учун мамлакат инвестициявий жозибадорлигини пасайтириш баён қилинган. Евроиттифоқ томонидан молиялаштиришсиз, дейилади ҳужжатда, “молия бозорлари, Европа ва халқаро компаниялар Венгрияга сармоя киритишга нисбатан катта қизиқишда бўлмайди”. Ўз навбатида, бу “давлат дефицити молиялаштируви нархининг янада ошишига ва валюта курси пасайишига олиб келиши” мумкин.

Венгриянинг Евроиттифоқ масалалари бўйича вазири Янош Бока бундай таҳдидлардан хабардор эмаслигини билдирди, Венгрия эса, унинг сўзларига кўра, “босим остига тушишга мойил эмас”. “Венгрия Украинани қўллаб-қувватлаш ва Евроиттифоқ маблағларидан фойдаланиш имконияти ўртасида боғлиқликни юзага келтиргани йўқ ва бошқа мамлакатлар ҳам шундай қилишига йўл қўймайди”, — деди Бока. У Будапешт Брюсселга янги таклиф юборгани, унда Венгрияга келажакда ўз қарорини ўзгартиришга имкон берилса, Евроиттифоқ бюджети маблағлари Украинага ёрдам бериш учун йўналтирилишига розилик берганини қўшимча қилди.

Евроиттифоқнинг уч дипломати Евроиттифоқнинг кўпчилик мамлакатлари таклиф этилган режани қўллаб-қувватлаганини маълум қилган. “Кайфият қатъийлашди. Биз бундай хулққа йўл қўйиб берадиган бўлсак, қанақа иттифоқ бўламиз?” — деди манбалардан бири. “Ставкалар баланд. Бу шантаж”, — дея қўшимча қилди иккинчиси.

Евроиттифоқ Кенгаши вакили ахборотни изоҳлашдан бош тортди.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан 2023 йил декабрида Евроиттифоқнинг Украинага 50 миллиард евро ҳажмида иқтисодий ёрдам ажратиш ҳақидаги қарорини блоклаб қўйган эди. Шундан кейин Евроиттифоқда Украинага ҳарбий кўмак учун 20 миллиард евродан ортиқ маблағга эга янги фонд яратиш устида иш бошланди. Иккала масала ҳам Евроиттифоқнинг 1 февралга белгиланган фавқулодда саммитида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

2022 йилда Евроиттифоқ Венгрияда қонун устуворлиги ва коррупция билан боғлиқ муаммолар бўлгани туфайли, унга 30 миллиард евро ажратилишини блоклаб қўйди. Пулларни қўлга киритиш учун Будапешт баъзи талабларни бажариши керак. 2023 йил декабрида Венгрия талаблардан бирини бажариб, суд тизими мустақиллигини мустаҳкамлаганини маълум қилди, шундан сўнг Евроиттифоқ мамлакатга 10 миллиард евро ажратди. Аммо 20 миллиард евро блокланган ҳолатда қолди. 2024 йил бошида Орбан Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортгач, Европарламент Венгрияга Евроиттифоқ маблағларини бермасликка чақирди.

Россия қўшинлари Украинага тўлиқ кўламли ҳужум бошлагач, Венгрия ҳукумати Евроиттифоқ Украинага ёрдам беришига бир неча марта қарши чиққан. 2023 йилда Венгрия Евроиттифоқнинг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун халқаро ордер ҳақидаги қўшма баёнотини блоклаб қўйганди. Шундан кейин Орбан Путин билан Хитойда учрашди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.