Венгрия Ўзбекистонга янги турдаги банкомат ускуналарини етказиб беради
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг «Spectrum» компанияси директори Жозеф Ковач билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Унда «Spectrum» компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар портфелини кенгайтириш ва жорий октябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумига тайёргарликнинг бориши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Жозеф Ковачнинг айтишича, ҳозирда ушбу компания Ўзбекистонга янги турдаги банкомат ускуналарини етказиб бериш бўйича лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. «12-15 октябрь кунлари АҚШда «НСР» компаниясининг янги маҳсулотларнинг тақдимоти бўлиб ўтади ва бу каби янги инновацион имкониятларни биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда татбиқ этиш режалаштирилган», деди у.
У, шунингдек, Ўзбекистонда «Картошкачилик маркази»ни ташкил этиш бўйича ишлар қизғин кечаётганини билдирди. Қайд этилишича, компания мутахассислари тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Венгрия картошка навларини экиб, тадқиқот натижаларини кутмоқда. Шунингдек, «Spectrum» компанияси раҳбари янги йўналишлардан бири бўлган балиқчилик соҳасида ҳам ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Томонлар жорий октябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган бизнес-форумга Будапешт Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Венгриянинг етакчи тадбиркорларини жалб қилиш ва тадбирни юқори даражада ўтказишга барча куч ҳамда имкониятларни сафарбар этишга келишиб олдилар.
Шарҳлар