Вилоят ҳокимлиги Марғилондаги “Хўжа Порсо” масжиди реставрация қилиш имкони йўқлиги сабабли бузилганини айтмоқда
Марғилондаги «Хўжа Порсо» масжидини реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли, бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар беради, деб ёзади «Фергана» нашри.
Ҳокимлик берган маълумотга кўра, 1869 йилда эмас, балки 1918 йилда қурилган ушбу масжид биноси (Ўзбекистон Кўчмас мулк моддий маданий мероси объектларининг миллий рўйхатида масжид XIX асрда пайдо бўлгани кўрсатилган) хом ғиштдан барпо этилган бўлиб, бино деворлари ёрилган, пойдеворнинг чўкиб кетгани кузатилган.
Манба: Фарғона вилоят ҳокимлиги
2019 йил ноябрда олиб борилган техник экспертиза давомида масжид биносининг конструктив ва тузилмавий ечимлари меъёрий хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ҳамда масъул идоралар экспертлари хулосаси олинган. Бугунги кунда эски масжид ўрнида 1500 ўринли бўлган барча қулайликларга эга замонавий янги масжид биноси қурилмоқда.
“Эски масжид пештоқидаги ёғоч ўймакорлик нақшлари реставраторлар томонидан доимий амалиёт усулида рақамлар билан белгиланиб кўчириб олинган ҳамда сақлаш учун олиб қўйилган. Янги масжид биносининг айвони айни ўлчамларда барпо этилмоқда, унинг пештоқига эски масжиддан кўчириб олинган нақшлар ўрнатилади”, – дейилади ҳокимликнинг матбуот хизмати хабарида.
Манба: Фарғона вилоят ҳокимлиги
Ижтимоий тармоқларда «Хўжа Порсо» жомеъ масжидининг бузиб ташланаётганлиги ҳақида хабарлардан сўнг Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги хизмат текширувини бошлаган. Текширувга вилоят прокуратураси ҳам жалб қилинган.
«Маълум бўлишича, 2020-йил 3-декабрда «Хожа Порсо» жомеъ масжидига ташриф буюрувчи намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжид ҳудудида қўшимча бино иншоотларини қуриш бўйича таклиф лойиҳаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган. Ўрганишлар натижасида мазкур ҳолат юзасидан Илмий эксперт кенгаши мажлиси ўтказилганлиги ва вазият юзасидан кенгаш хулосаси ўрганилмоқда», — дейилади Агентлик хабарида.
Шарҳлар