Водий вилоятларида автобензин ҳажми оширилмоқда
Ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши ва Фарғона водийсида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига қўйилган вақтинчалик чекловлар сабабли Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти истеъмолчиларининг автобензинга бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беряпти.
«Юзага келган мазкур ортиқча талабларни қондириш мақсадида бугунги кунда Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларининг автобензин ишлаб чиқариш қувватлари 3,3 минг тоннадан 4,0 минг тоннага оширилди ёки ўртача кунлик 700 тонна қўшимча автобензин ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, Россия Федерациясидан импорт асосида “SDK Group And“ корхонаси томонидан олиб келинаётган АИ-92 К5 русумидаги автобензин ҳажми оширилди», – дейилган хабарда.
Бу билан ички бозорда биржа савдоларига чиқариладиган автобензин миқдори савдосини оширишга эришилди.
Ўтган 2022-2023-йилги аномал совуқ давридаги талаблардан келиб чиқиб, Фарғона водийсидаги АЁҚШларга етказиб бериладиган кунлик автобензин ҳажми 400 тоннадан ўртача 800 тоннага оширилди.
Бунинг учун талаб этиладиган 7,8 минг тонна автобензин захираси Фарғона водийси учун сафарбар этилди.
Юқоридагилардан ташқари, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган автобензиннинг асосий қисми Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилиши таъминланмоқда.
«Жорий ойнинг 13 санасида “Ўзбекнефтгаз” жамияти томонидан Фарғона водийсидаги АЁҚШларга жами 929 тонна жумладан, Андижон вилоятида 503 тонна, Наманган вилоятида 202 тонна ва Фарғона вилоятида 224 тонна автобензин етказиб берилди», – дейилади.
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Фарғона водийсида “call cентре” ишга туширилди. Энди истеъмолчилар ҳафтанинг 7 куни давомида соат 08:00 дан 20:00 гача нефт базалар билан боғланиб, автобензин таъминоти бўйича маълумот олишлари мумкин бўлади.
Шарҳлар