Водийдан пойтахтга кириб келган турплар «Паққилдоқ»га айланди

Фото: Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда салкам 460 минг дона салют ва петардаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

«Аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувида Фарғона водийсидан пойтахт ҳудудига кириб келган “Исузу” русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб текширилганда, автомашина юкхонасидаги турп солинган қоплар ортига яширилган қутилар божхона ходимларининг диққатини тортди. Ушбу қутилар холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичида 279 дона салют ва 459 минг дона петарда борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур пиротехника воситаларининг умумий қиймати 327 млн сўмдан ошмоқда.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.