Bo'limsiz

Волгоград автобусларида шартнома бўйича Россия қуролли кучларида хизмат қилишни реклама қилувчи ўзбек тилидаги эълонлар пайдо бўлди

Фото: 7x7

Волгоградликлар маҳаллий автобусларда варақаларни суратга олишган. Реклама муаллифлари тўловлар билан бир қаторда шартнома тузган Ўзбекистон фуқароларига Россия Федерацияси фуқаролигини ваъда қилишмоқда. Кондукторларнинг сўзларига кўра, варақалар автобусларда икки ҳафта олдин пайдо бўлган. Бу ҳақда 7×7 нашри ёзади.

Шартнома бўйича хизматга ёлловчи шаҳар пункти ходимлари реклама хорижликларга қаратилганини айтишмоқда. Келгусида улар тожик, қозоқ ва бошқа тилларда ҳам шундай варақаларни жойлаштиришмоқчи.

Калуга областида июль ойида миграция хизмати ходимлари Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган хорижликлардан ҳарбий рўйхатга олиш идорасидан маълумотнома талаб қила бошлашди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бунга муҳожирларни армияда контракт бўйича хизматга киришга ишонтириш истаги сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Бу биринчи ҳолат эмас, аввалроқ бундай эълонлар Москва жамоат транспортида пайдо бўлганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси қуролли кучлари сафига қўшилмаслик, можаро зоналарига бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка чақиради.

Агентлик, шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон фуқаросини ҳарбий хизматга, хорижий давлатларнинг хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига ёллаш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатиб ўтади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.