Истеъмолчиларнинг сувдан фойдаланишда дебитор қарздорлиги 938,7 млрд сўмни ташкил этмоқда

Фото: DPA

Республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги юқорилигича қолмоқда ва бугунги кунда 938,7 млрд. сўм ташкил этяпти. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 757,3 млрд сўмни ташкил этса, 181,4 млрд сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилган.

«Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” аксиядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчилар орасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тўловларни амалга оширишда истеъмолчилар учун қулай ва замонавий тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунингдек, айни пайтгача дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами 33,4 минг та 143,4 млрд сўмлик даъво аризалар киритилган», – дейилади хабарда.

Шу билан биргаликда, суд қарори қабул қилинган 73,6 млрд сўмлик 16,2 минг та ижро варақалари Мажбурий ижро бюроларига тақдим этилиб, шундан 4,7 минг та ижро варақалари бўйича 16,2 млрд. сўмлик маблағлар ундирилди.

Шунингдек, истеъмолчиларга ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга оширишлари лозимлигини эслатиб ўтилган.

Тўловларни kabinet.uzsuv.uz сайти, тижорат банкларининг кассалари ва мобил иловалари, электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Соҳада аҳолининг дебитор қарздорлиги билан бир қаторда ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва улардан белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий корхоналари томонидан ўтган давр мобайнида 76 минг маротабага яқин рейд тадбирлари ўтказилди. Ушбу рейдлар давомида 12,7 минг та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, жами 80,6 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, 8,7 минг та ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмагани аниқланиб, 34,9 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди.

Қайд этиш ўринлики аниқланган қоидабузарликларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда, жумладан 5,2 минг та истеъмолчи тегишли тартибда тармоқдан узилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.