WSJ: “БАПОР” ходимларининг 10% исломий ҳарбий гуруҳлар билан боғланган
The Wall Street Journal нашрида чоп этилган Исроил разведка маълумотларига кўра, БМТнинг Яқин Шарқдаги Ғазо секторида фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни амалга ошириш агентлигининг (“БАПОР”) 12 нафар ходими Хамаснинг Исроилга қарши кескин ҳужумига бевосита алоқадор.
Улардан олти нафари 1200 нафарга яқин исроилликнинг ўлимига бевосита масъул бўлган жангарилар орасида бўлган, икки нафари гаровга олинганларни ўғирлашда иштирок этган, қолганлари эса Хамас учун логистика ва қурол сотиб олишни мувофиқлаштирган. Бир нечта давлат томонидан “БАПОР”нинг молиялаштирилиши тўхтатилишига асос бўлган Исроил разведкаси маълумотлари номи тилга олинган 11 нафар ходимнинг исм-шарифлари ва фотосуратларини ўз ичига олган.
The Wall Street Journal маълумотларига кўра, “БАПОР”нинг жами 12 минг ходимидан 1200 нафари Хамас ёки Фаластин исломий жиҳодига алоқадор, 49 фоизи жангарилар билан алоқадор. Исроил разведка хизматлари ходимларнинг телефонларини кузатиб, уларнинг ҳужумга алоқадорлигини аниқлаган.
“БАПОР”га қарши айбловларга жавобан, АҚШ, Германия, Канада, Буюк Британия, Австралия, Италия, Финляндия, Австрия ва Япония каби бир қанча давлатлар агентликни молиялаштиришни тўхтатди. “БАПОР” вакиллари ички текширув бошланганини, айрим ходимлар ишдан бўшатилганини эълон қилди ва молиялаштириш тикланмаса, февраль ойидан кейин ўз ишларини давом эттира олмаслигидан хавотир билдирмоқда.
Шарҳлар