WSJ Пригожин ўлимида айбдор бўлган шахснинг номини айтди
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Евгений Пригожиннинг ўлдирилиши Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ташкил қилган. Нашрнинг ёзишича, Патрушев президент Владимир Путинни Пригожин ва унинг ёлланма аскарларининг Украина билан урушда “Кремль учун хавф туғдирувчи таъсири кучайиши” ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда WSJ нашрига таяниб “Медуза” ёзади.
WSJ хабарига кўра, Патрушев Путинни 2022 йил ёзида Пригожин хавфли экани ҳақида огоҳлантирган, бироқ президент унинг сўзларига эътибор бермаган, чунки вагнерчилар жанг майдонида муваффақиятга эришган. Нашр суҳбатдоши, россиялик собиқ разведка ходимининг сўзларига кўра, бу ҳолат 2022 йил октябрь ойида ўзгарган, Пригожин Путинга қўнғироқ қилиб, ўқ-дорилар етишмаслигидан қўполлик билан шикоят қилган. Патрушев ўша пайтда Путиннинг кабинетида бўлган. Хавфсизлик Кенгашининг раҳбари Пригожин «хавфли бўлиб қолди ва Кремлнинг ҳокимиятини ҳурмат қилмай қўйди» деб ҳисоблади.
«Хавфсизлик кенгашининг раҳбари Пригожинни ёқтирадиган зобитларга қўнғироқ қилиб, вагнерчилар раҳбарини исённи тўхтатишга ишонтиришни сўраган. Шунингдек Патрушев қўшни давлатлардан можарони ҳал қилиш учун воситачилар излаган. Уларнинг орасида Александр Лукашенкодан ташқари (охир-оқибат шундай воситачига айланган) Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ҳам бор эди”, – деб ёзади WSJ.
Россия армияси вагнерчиларни ушлаб тура олмаган тақдирда, Қозоғистон қуролли кучлари 2022 йил январида КХШТ кучларини Қозоғистонга киритганлик учун жавоб хизмати сифатида ёрдам бериши керак эди, бироқ Токаев буни рад этади.
Қўзғолон тугагандан сўнг, Патрушев қотиллик режасини ишлаб чиқишни бошлади. Нашрнинг Ғарб разведка идораларидаги манбаларига кўра, Путинга бу режалар кейинроқ кўрсатилган ва у эътироз билдирмаган.
23 август куни Пригожин Шереметьево аэропортида унинг самолёти текширилиб, жўнаб кетишга тайёрланаётган пайтда кутиб туради. Айнан шу вақтда самолёт қаноти остига бомба қўйилган эди.
Парвоздан ярим соат ўтгач, тахминан 8,5 минг метр баландликда бомба портлайди. Бортда бўлганларнинг ҳаммаси ҳалок бўлади. Бироқ Кремль Пригожиннинг ўлимига алоқадорлигини рад этмоқда.
Шарҳлар