Талабалар халқаро олимпиадада 57 та медални қўлга киритишди

Фото: uza.uz

Туркманистондаги Халқаро гуманитар фанлар ва ривожланиш университетида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида IV Очиқ математика олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.

Унда Ўзбекистон, Россия, Саудия Арабистони, Туркманистон, Испания, Хитой, Индонезия ва Болгариядан ташриф буюрган 500дан ортиқ талабалар математика бўйича яккалик ва жамоавий баҳсларда ўз билимларини синамоқда. Олимпиаданинг расмий тили туркман ва инглиз тиллари этиб белгиланган. 

Ўзбекистон номидан иштирок этаётган 79 та талабалар яккалик ва жамоавий босқичларда жами 7 та олтин, 15 та кумуш ва 35 та бронза медални қўлга киритишган.

“Яккалик баҳсларида  Урганч давлат университетидан Расул Қошназаров, Анварбек Машарипов, Ўзбекистон Миллий университетдан Набихон Набихонов, Қорақалпоқ давлат университетидан Дамир Дилмуродов ҳамда, Тошкент давлат  иқтисодиёт университети талабалари Ҳумоюн Абдурасулов А тоифада ва  Тоҳирбек Туланов Б тоифада олтин медалларни қўлга киритди. Жамоавий  баҳсларда олтин медал Набихон Набихонов, Фатхулла Келдиёров ва Ҳасан Тўйлиевлардан иборат Ўзбекистон Миллий университети жамоасига насиб этди”, – дейилади хабарда. 

Ўтган йили мазкур олимпиадада ўзбекистонлик иштирокчилар жами 5 та кумуш ва 13 та бронза медални қўлга киритиб, 4-ўринни эгаллаган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.