Хайрулло Бозоров АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди

Фото: Фарўона вилояти ҳокимлиги

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят ҳокимлиги қабуллар уйида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник билан учрашди.

Учрашувда Фарғона вилояти ва АҚШ штатлари ўртасида ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

«Бугунги кунда икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилаётгани, сўнгги бир йил давомида АҚШ бозорига Фарғонадан Риштон кулолчилик маҳсулотлари ҳамда Олтиариқ узумлари кириб боргани учрашув давомида алоҳида қайд этилди, бу борада катта имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди», – дейилади хабарда.

Фарғона билан АҚШ ҳудудлари ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Фарғона вилояти ҳамда Калифорния ва Юта штатлари ўртасида биродарлашув алоқаларини ўрнатиш, АҚШ инвестицияларини вилоят иқтисодиётига жалб этиш кўламини кенгайтириш, касбий таълим йўналишида ҳамкорлик қилиш борасида иш ташкил этишга келишиб олинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.