Хоразмда туризмни янада ривожлантириш учун 3 йиллик дастур қабул қилинади
Президент бошчилигида ўтказилаётган Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари тўғрисидаги йиғилишда давлат раҳбари вилоятнинг асосий драйверидан бири бўлган туризмни ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилинишини таъкидлаб ўтди.
Хабарга кўра, “Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тушуми 3 йил давомида Хоразмнинг ўзида қолдирилади. Сайёҳларга бир йил давомида чекловсиз Хоразмга кириш учун “Ўзбекистон – менинг иккинчи уйим” виза тизими жорий қилинади”.
Йиғилишда қатор туманларда меҳмонхоналар етишмаслиги ҳам айтилиб, эндиликда меҳмонхона ва дам олиш масканларини қуриш, мавжуд ўринларни кўпайтириш учун 7 йилдан 2 йилга имтиёзли давр билан 18 фоиз ставкада кредитлар берилиши қайд этилди.
Шунингдек, хизматларда ўсиш бўлиши учун транспорт инфратузилмасини яхшилаш зарурлиги таъкидланди ҳамда Урганч ва мамлакатдаги бошқа шаҳарларга авиачипта нархини арзонлаштириш учун 30 миллиард сўм субсидия бериладиган бўлди.
“Урганчдан Термиз, водий вилоятлари, Самарқанд, Бухоро ҳамда Санкт-Петербург, Мадрид, Франкфурт, Пекин ва Урумчига авиақатновлар йўлга қўйилади ҳамда “Урганч-Хива” троллейбус қатновининг оралиқ вақти 2 карра қисқаради, Урганчдан Хива ва Хонқага электробус ҳаракати ташкил этилади”, – дейилган хабарда.
Урганч аэропорти бошқаруви ва модернизациясига хусусий шерик жалб қилиш муҳимлиги ҳам айтилди.
Шарҳлар