5 йил стажга эга бўлган хотин-қизларга тавсиянома бериш учун аризалар қабули бошланди
Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат олий таълим муассасаларига алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.
Ушбу имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган хотин-қизлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига эга бўлишлари лозим.
Талабгорлар жорий йилнинг 1-июнига қадар (шу куни ҳам) ариза билан доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) Ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
- фуқаролик паспорти ёки ИД карта нусхаси;
- меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)дан кўчирма;
- ўрта-махсус ёки профессионал таълим бўйича диплом.
2022 ҳамда 2023 йилларда тавсиянома олган, лекин ўқишга кира олмаган хотин-қизлар тавсиянома учун яна ҳужжат топширишлари шарт эмас. Охирги 2 йилда олинган тавсиянома ҳалиям кучга эга. Аммо ўқишга кирганларнинг тавсияномаси эса ўз кучини йўқотади.
Тавсиянома олиш учун талабгорлар қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:
- ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши;
- тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги;
- ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши.
Талабгорлар томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари томонидан ўрнатилган тартибда 1-7 июнь кунлари кўриб чиқилади ва тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилинади.
Шарҳлар