Xurmo Travel Umra МЧЖ лицензияси тўхтатилди

Фото: Norma.uz

Ижтимоий тармоқларда “Panorama Airways” хусусий авиакомпаниясининг парвозлари кечикиши натижасида зиёратчиларнинг аэропортда қолиб кетиши, ва туроператорлар томонидан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларга ноқулайлик юзага келганлиги юзасидан Туризм қўмитаси қуйидагиларни маълум қилган.

Қўмита томонидан мазкур ҳолат ўрганилиб, натижаси бўйича тегишли қонуний чоралар кўрилган.

«Ҳозирги вақтда, “FAYZ TOUR TRAVEL” МЧЖ, “MARYAM TRAVEL-AGENCY” МЧЖ, “MAHBUB TOUR” МЧЖ, “RAMAZAN TRAVEL SAYOHAT” МЧЖлар юзага келган ҳолат бўйича қатъий огоҳлантирилди. “XURMO TRAVEL UMRA” МЧЖ “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга доир лицензиясиз мазкур фаолият билан шуғулланганлиги учун ўн кун муддатга ташкилотнинг лицензияси тўхтатилди», – дейилади хабарда.

Шунингдек, “Умра” хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолият устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Туризм қўмитаси ўз расмий веб-сайтида (https://umra.uzbektourism.uz/uz) “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар рейтингини шакллантириш учун тегишли ахборот модулининг ишга туширилганлиги ва маҳаллий туроператор жамоатчилик томонидан берилган овозларга кўра рейтингги аниқланмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 8-августдаги “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 345-сонли қарорига мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг “Умра” хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб борилиши белгиланган. Мазкур қарорга мувофиқ, тегишли туроператор томонидан Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиладиган 100 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлардан унинг “Умра” хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилиши белгиланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.