Самарасиз фойдаланиб келинаётган ижтимоий муассасалар хусусий секторга берилиши мумкин
Ўзбекистондаги бир қатор ижтимоий муассасалар хусусий секторга берилиши мумкин. Бу “Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-308-сон 30.08.2024 й.)да кўзда тутилган.
Қарорга кўра, самарасиз фойдаланиб келинаётган йирик шифохоналар, маданият ва спорт иншоотлари (шу жумладан, маданият саройлари, стадионлар, концерт заллари, истироҳат боғлари) хатловдан ўтказилади.
Хатлов натижаларига кўра, муассасаларни хусусий секторга давлат-хусусий шериклик асосида ўтказиш бўйича 2024 йил охиригача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилиши керак.
Ижтимоий объектларнинг “самарасиз фойдаланиб келинаётгани”га қандай баҳо берилиши ҳозирча маълум эмас.
Топшириқ ижросига иқтисодиёт ва молия вазири, соғлиқни сақлаш вазири, маданият вазири, спорт вазири, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари масъул этиб белгиланди.
Шарҳлар